Получи случайную криптовалюту за регистрацию!

Хушнудбек ёзмоқда: 'Банклар қачон 'одам' бўлади? Президентни | Банкир ✅

Хушнудбек ёзмоқда:

"Банклар қачон "одам" бўлади?

Президентнинг 2022 йил 18 июлдаги ПҚ-323-сонли қарорига кўра, тўлов-контрактда ўқиётган хотин-қизларга жорий йилдан бошлаб имтиёзли фоизсиз таълим кредити бериладиган бўлди.

Ушбу янги тизим ижроси учун қуйидаги 12 та банк танлаб олинган:
1. Агробанк
2. Алоқабанк
3. Асака банк
4. Ипотека банк
5. Қишлоқ қурилиш банк
6. Микрокредитбанк
7. Миллий банк
8. Ориент финанс банк
9. Туронбанк
10. Ўзсаноатқурилишбанк
11. Халқ банки
12. Ҳамкорбанк

Орадан бир ярим ой вақт ўтди. Аммо ҳалигача кредит сўраб бораётган хотин-қизларга банклар турли важлар билан рад жавоби беришмоқда. Кимдир умуман бундан бехабар, кимдир албатта фоиз тўлайсан деяпти, кимдир хусусийга бермаймиз деса, кимдир фақат кам таъминланганларга берамиз дейди, кимдир бу ҳали кучга кирмаган деяпти. Минг хил баҳона, минг хил важ-карсон. Бу юқоридаги рўйхатда номлари саналган деярли барча банклар билан содир бўлмоқда (1-2 та истиснони ҳисобга олмаса).

Хўп, илгари таълим кредитини банклар хушламас эди, бизга ресурс берилмаган, банкга бундан фойда йўқ, деб дод-вой қилишарди. Лекин 2 йилдан буён бозор қонуниятлари асосида давлат ҳамма харажатни банклар учун қоплаб берадиган бўлди. Лекин шундан кейин ҳам вазият жуда бир яхши томонга ўзгариб кетгани йўқ.

Нима учун банк соҳасига оид ўзгаришлардан банкдагиларнинг хабари бўлмайди? Ҳар бир филиалга кучга кирган ўзгариш ва янгиликларни етказиш наҳотки шунчалар қийин бўлса? Нима учун мижозларга нормал хизмат кўрсатишни ташкил этолмайсизлар?

Ёки фоизсиз таълим кредитини сўраб келган хотин-қизлардан "қўл ҳақи" (шахсий маржа) олиб бўлмаслиги учун уларга хизмат кўрсатишни хоҳламаяпсизларми?

Қайси банкнинг бош офиси билан гаплашманг, барчаси "бизда муаммо йўқ, фоизсиз кредит беришга тайёрмиз, муаммо чиқса бизга айтсин, ҳал қиламиз", дейди. "Ручной" механизмда муаммони ечишга жуда устамиз. Лекин тизим яратишга келганда сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетади.

Одамларни сарсон қилаётган ҳар бир филиалингизга Президент қарорида белгиланган вазифаларни етказинглар, бўлди, ҳеч қанақа муаммо ҳам бўлмайди шунда.

Ҳадемай, янги ўқув йили бошланади. Шу пайтгача фақат хусусий ОТМларга кирган абитуриентлар банкка кредит сўраб борган бўлса, 5 сентябрдан бошлаб, 100 минглаб талабаларда бундай эҳтиёж пайдо бўлади. Хўш, унгача банкларда вазият ўзгарадими? Ёки яна ҳаммани сарсон қилишда давом этишадими?

Шунақа пайтлари доимий савол ёдимизга тушади:
Банклар қачон "одам" бўлади?"

@bankir