Получи случайную криптовалюту за регистрацию!

Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази | Врачи Узбекистана

Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган марказининг илк филиали Фарғонада иш бошлади

Мамлакатимизнинг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали қон-томир жарроҳлиги бўлими негизида Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган марказининг Фарғона вилояти минтақавий филиали очилди.

Филиалда маъсул мутахассислар, яъни невропатолог, қон-томир жарроҳи ва УТТ шифокорлари тўлақонли иш фаолиятини бошлади ва келажакда беморларга малакали ихтисослашган ёрдамни ташкил қилиш масалалари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали ҳамда Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази томонидан ўзаро келишиб олинди.

— Биринчи куниёқ илк маротаба очилган филиалда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали ва Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази мутахассислари биргаликда беморларнинг кўригини бошлаб юборишди, — дейди РХАИМ директори, академик Шавкат Каримов. — Эндиликда филиалда сурункали бош мия қон айланиши етишмовчилиги бўлган беморларга малакали ёрдам ташкиллаштирилади. Шунингдек, бу ерда уйқу артерияларида турли реконструктив амалиётларни ўтказиш режалаштирилган. Бу эса, ўз навбатида, халқимизга малакали юқори технологик амалиётларни жойларда ўтказиш имкониятини беради.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган марказининг малакали мутахассислари доимий равишда ҳудудларга чиқиб, беморларни кўрикдан ўтказмоқда ҳамда уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишмоқда. Жумладан, куни кеча улар Фарғона вилояти Бешариқ туманида бўлишди. Кўрик давомида туман тиббиёт бирлашмасида сурункали бош мия қон айланиш етишмовчилиги бўлган, ишемик инсульт ва миокард инфарктини ўтказган беморларни ташхислаш ва даволашда маҳаллий шифокорларга амалий ёрдам кўрсатилди. 70 нафарга яқин беморларга уйқу артерияларини дуплекс сканерлаш текшируви бажарилди.

Наманган вилояти Турақўрғон туманида ҳам шу каби фаолият амалга оширилган бўлиб, текширув давомида бош мияга қон олиб борувчи брахиоцефал артерияларнинг зарарланиши ва уйқу артерияларида атеросклеротик зарарланишлар, патологик деформациялар мавжуд беморлар Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган марказининг бир қатор мутахассислари томонидан малакали тиббий текширувдан ўтказилди. 90 нафарга яқин беморларга уйқу артерияларини дуплекс сканерлаш текшируви бажарилди. Беморларга марказнинг малакали мутахассислари ва Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари керакли тавсияларни беришди ва кейинги даво муолажаларини биргаликда белгилаб олишди.

Айтиш лозимки, Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, Фарғонада унинг илк филиали ишга тушди. Яқин кунларда эса унинг филиаллари Бухоро ва Хоразм вилоятларида ҳам очилиши кутилмоқда.

Манба: ССВ

Врачи Узбекистана