Получи случайную криптовалюту за регистрацию!

Ақлий меҳнат сирлари Ақлий меҳнатнинг мисоллари: қийин китоб ў | Muratov universiteti

Ақлий меҳнат сирлари
Ақлий меҳнатнинг мисоллари: қийин китоб ўқиш, мураккаб масала устида ишлаш ва маънили матн ёзиш.
Оз одамларгина ақлий ишга осонгина шўнғиб, жараёндан лаззат топа оладилар, натижа эса уларга қўшимча мукофотдек бўлади. Кўпчилик эса бунга киришади-ю қандайдир ички совуқ тўсиққа урилиб хафсаласини йўқотади. Шу тўсиқларни енгиб ўтиш баъзи сирлари билан бўлишмоқчиман:
1. Ақлий иш қилишдан олдин таомингизга аҳамият беринг. Оқсилга бой, енгил ҳазм бўладиган озуқа мияга ҳужайралари тез ва самарали ишлашига омил бўлади. Балиқ, ёғсизроқ гўшт, тухум, творог, бир оз ёнғоқлар, кўтара олсангиз сут – мана шулар каби. Ширинлик, хамир овқатлар ақлий ишни секинлаштиради. Яхшиси уларни мукофот тариқасида иш битгач еган яхши, мутлақо воз кечвориш ярамайди.
2. Жисмоний машққа киришиш олдидан аъзоларни қиздириб, чўзиш ҳаракатлари қилинади. Худди шундай ақлий ишни бошлаш олдин мия аъзоларини яхшилаб қиздириб олиш керак. Лекин қиздириш ҳаракатлари, биринчидан, ишингиз мазвзуга алоқадор бўлгани яхши; иккинчидан, енгил истеъмол бўладиган визуал контент бўлмасин. Мисол учун биология бўйича китоб ўқиётганингизда “қизиқишни уйғотиш учун” енгил елпи мавзуга оид бўлса ҳам видео ролик кўманг. Ундан кўраси биологияга оид журнал кичик мақолаларини варақланг, ёки китобингиздаги ажратиб ёзилган абзацларни кўз югуртириб чиқинг. Асосий нарса миянгизда саволлар туғилсин ва ўзингизча жавобни ўйлаб кўринг, ўқиш жараёнида миянгиз жавобингизни текшириб кўришга уринади. Қизитиш йўлларидан бири бу. Видео контент эса ташқи ҳиссиёт ички ҳиссий иштаҳани бўғиб қўйиши мумкин (ширинликлар каби).
3. Ўпка, қон томирлари ва мия ҳужайралари етарлик кислород билан тўйинишини таъминланг. Билиб қўйинг, мияни зўриқтирадиган ақлий меҳнат - биокимёвий жараён. Биокимёвий жараённи ёниш деса бўлади, кислородсиз ёндириш, куйдириб босиш мумкин эмас. Нафас олиш машқлари жуда кўп, биронтасини танлаб қўлланг. Юриш ҳаракати ҳам кислород билан яхши таъминлайди. Сув ичиш ҳам кислород билан тўйинишга ёрдам беради, умуман биокимёвий жараёнлар сувли муҳитда кечади.
4. Ишга киришишдан олдин чалғимасликка аҳд қилиб 10, 20, 40, 60 минутдан иборат танаффусли муддатлар белгиланг. Самарасиз бўлаётган бўлса ҳам шу 10 ёки 20 минутлик вақт охиригача етказиб ўтираверинг. Агар мия ишлаб кетиб, илҳом ёқангиздан тутганини ҳис қилсангиз-у муддат тугаган бўлса ҳам тўхташ интизомини шакллантиринг. Бир оз танаффус қилиб янги муддатни бошланг. Интернетда “Помодорро” услуби ҳақида қизиқиб кўринг. Ишнинг энг қизиқ жойида узишдан қўрқманг! Бу ҳақда кейинги бандда.
5. Ҳеч қачон чарчаб холсизлангунча, кўнглингизга тегиб кетгунича ишламанг! Шундай қилсангиз вазифангизга бошқа сафар қайтиш жуда оғир кечади. Чарчоқнинг бошқа номи - оғриқ. Мия оғриқни ёмон кўради. Мия оғриқни унутмайди, минг хил баҳона билан ақлий ишга қайтишингизга тўсқинлик қилади. Яхшиси иштаҳа борида тўхтанг. Эртаси куни учун қайси жойидан давом эитишни белгилаб бошқа ишларингизга равона бўлинг, масалан ухланг. Вақти келиб енгилгина шу жойидан давом этиб кетаверасиз. Бу нафақат синалган услуб балки деярли барча ёзувчилар ва олимлар муваффақиятли меҳнати сири! Бундан кучлироқ тавсия топмаганман... Ишонишингиз учун, эсланг нима учун одамлар узундан узун сериалларни кутиб, севиб кўришади? Ҳар бир серия қизиқ жойидан узилади. Минг бир кеча эртакларидаги Шаҳризода ҳам бу сирни яхши билган.
Бу ҳақда яна ёзгим келди-ю, ажратилган тайм тугаб қолди.
Жамшид Муслимов