Получи случайную криптовалюту за регистрацию!

ҚАЙНОНАЛАР ОМОН БЎЛСИН ДУНЁДА. Бегона хон | jigarlar_qalbimdasan_mehrli

ҚАЙНОНАЛАР ОМОН БЎЛСИН ДУНЁДА.


Бегона хонадон эшигин қоққан.
Ширин сўзларила қудага ёққан.
"Қизпошшани кўрармиканман"- дея.
Зийрак нигоҳ билан атрофга боққан.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Совчиликка қатнаб кавуши едирилган.
"Оқлик" олиб, катта патир синдирган.
"Аллоҳга шукрей, яхши
қиз топдим"-.
Деб яхшилигингиз элга билдирган.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Келиннинг уйини ўзи безатган.
Мол ёярда ҳар бир ишни кузатган.
"Ўғлим, эркаксанку, мебелни сен ол!"
Деб- ўғлига тўғри йўлни кўрсатган.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Сарпо-суруғ йиғиб, кўрпа қавиган.
Тўйлар қиламан деб елиб югурган.
"Хотин олиб мени унутмасин"- деб.
Никоҳ куни "Ўғлим" дея чақирган.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Йиллаб, ойлаб, йиғиб
терганин сочган.
"Болам" деб келинга бағрини очган.
Келиндан ҳам кўпроқ ҳаяжонланиб.
Саломда келиннинг юзини очган.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Она бўлиб бошингизни силаган.
Сизга бахт, саодат, фарзанд тилаган.
Қизларидан ортиқ кўриб келинни.
Яхши сўзлар билан алқаб, сийлаган.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Аста тушинтирган турмуш, рўзғорни.
Тўлдириш йўлини бу тўлмас ғорни.
Турмушнинг муштига чап беришнию.
Ўргатган йўқ жойдан қилишни борни.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Яхшингиз оширган эл юрт олдида.
Ёмонингиз бўлса, пинҳон кўнглида.
Ўзи қилган ошни келин қилди деб.
Мақтаган бол, асал томиб тилидан.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Келин ухлаб қолса дераза чертган.
Нонушта тайёрлаб югуриб, чопган.
Қуймоқлар, бўтқалар пишириб қўйиб.
Келингинасининг айбини ёпган.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Тансиқ луқма келинига илинган.
Бирор жойга кетса ўрни билинган.
Кўчадан келганлар "Бувинг қани"?- деб
"Онам қани?", дея уни қидирган.
Қайноналар омон бўлса дунёда.


Ўғлига уқтирган: "Келин ҳали ёш.
Вақт бергин. Ўзинг қил сабр ва бардош.
Бир бека бўлсинки хонадонингга.
Тунлари ой каби, кундузи қуёш".
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Вой, нима кўряпман, қўлизда чўпми?
Чўпли қайноналар ҳозир ҳам кўпми?
Уят-а, тезликда андава олинг.
Дазмолни ҳам ушланг бир қўлда , хўпми?
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Янги касб муборак: уста сувоқчи.
Дазмолчи, адвокат- моҳир оқловчи.
Ўғилу келинга бирдай ён босиб.
Адолат тарозисин тўғри ушловчи.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Ҳозир ҳамма қайноналар яхши, ширинсўз.
Заҳар чакилламас, нурли, очиқ юз.
Қўлидан келганча беради ёрдам.
Келинга атлас қилиб, ўзи кийган бўз.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Меҳрибон, ширинсўз, юмшоқ, мулойим.
Қаттиққўл, талабчан, заҳар ва...золим.
Кекса, ёш, семиз, озғин, баланд ёки паст.
Шифокор, ўқитувчи фаррош ва олим.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Шеърни ўқиётган қайнонажонлар.
Бувилар, аммалар ва холажонлар.
Келинг, биргаликда рақсга тушайлик.
Чигаллар ёзилсин, яйрасин жонлар.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.


Сизни кўрсам бир сухбатлашамиз.
Келинлар ҳақида хўп сирлашамиз.
Мастурахон бир канал ташкил қилди.
Киринг, маза қилиб ғийбатлашамиз.
Қайноналар омон бўлсин дунёда.
Давр сурайлик, ҳозир бизнинг давронда.

Яқинларга улашинг
@DIYDOR_SHIRIN