Получи случайную криптовалюту за регистрацию!

Аёлнинг қирқ жони бор (Халқ мақоли) ҚИРҚТА ЖОНИ | jigarlar_qalbimdasan_mehrli

Аёлнинг қирқ жони бор
(Халқ мақоли)

ҚИРҚТА ЖОНИМ

Момоларим қирқта жонинг бор дейишган,
Қирқ жонингга ётиб емоқ ор дейишган.
Қирқта жоним қирқ юмушга банд этаман,
Улар қилган нақлга монанд этаман.
Битта жоним дуо қилар болаларим,
Бири бориб сўрар амма-холаларим.
Битта жоним сигир соғиб, олар қаймоқ,
Битта жоним кўрпа қавир, тақиб ўймоқ.
Битта жоним хамир қориб нон ёпади,
Бири ўқиш, ёзишдан ҳикмат топади.
Битта жоним супур-сидир билан машғул,
Битта жоним пишир-куйдир билан машғул.
Битта жоним сўкилганни ямаб қўяр,
Битта жоним ўксик дилни овлаб қўяр.
Битта жоним ўқувчига берар сабоқ,
Бири тўйчи қўшнисига тутар товоқ,
Бири кам-кўст дея чопар бозорига,
Бири ўсма ,райҳон экар гулзорига.
Бири ўтганлар руҳини ёд этади,
Бири меҳмон кутиб дилин шод этади.
Айтаверсам, қирқта жоним қирқ томонда,
Жавлон урар омон-омон бу замонда.
Лоф-қоф деса балки ётганлар сояда,
Қирқта макрим билан боргум қирқ туяда.
Ожиза деб камситсалар ким аёлни,
Қирқта жоним бўғиб қўяр шум хаёлни.
Фариштадай момоларим қилган нақл,
Бежиз эмас: қирқта жоним бўлинг аҳил.
Қайнона-ю, қайнотанинг хизматига,
Пешвоз чиқинг, пешбанд боғлаб иззатига.
Қайноғалар, қайнсингиллар кетсин яйраб,
Қирқта жоним, туринг белни маҳкам боғлаб.
Сизу-бизга бир калима ширин калом,
Эшитмоқлик бу дунёда олий инъом.
Борингизга шукур, дейман, эй жонларим,
Қадрим кўздай асраб юрган мужгонларим.
Аёл қилиб яратганга шукроналар,
Айтсак арзир, муҳтарама эй оналар.
Қирқ жон билан таъзим қилсак Яратганга,
Қирқ дуомиз ижобатдир, билинг, янга.
Бир жонингиз турган бўлса, кемтик, ярим,
Ширин сўз-ла йўлга солинг, сингилларим.
Опаларим, қирқ жонингиз қирқ ямоқми?
Ўзим бориб эплаб келай бутламоқни.
Токи, ҳар бир жонингизда бўлсин қудрат,
Келинимиз, қизимизга бўлсин ибрат.
Бу дунёни яшнатгувчи қирқ жонимиз,
Биз дунёнинг мудом уйғоқ виждонимиз.
Биз туфайли кўпайгувчи наслимиз ҳам,
Тўлиб турар ҳовли, мактаб, яслимиз ҳам.
Улар учун яшамоқлик фарздир бизга,
Тўғри йўлга бошламоқлик қарздир бизга.
Жонимизга боғлаб олиб қўнғироқни,
Уйғотайлик қирқта жонли минг мудроқни.
Токи, биздан ибрат олсин аҳли олам,
Зеро, йўқдир биздан ўзга бахтли одам.
Қирқ жонимиз ташвиши ҳам мароқлидир,
Ўсал эмас, бари ишга яроқлидир.
Улар қодир яратишга гўзалликни,
Истар бари мукаммаллик, тугалликни.
Ҳар жонимиз жўшиб тургай ҳислар билан,
Енг ҳимариб тўлиб тургай кучлар билан.
Биздан қочиб қутулолмас ҳеч бир юмуш,
Меҳнат билан фаровондир бахтли турмуш.
Аммо эсдан чиқармайлик бир тортиқни,
Гоҳи, гоҳи олиб туринг тин, ҳордиқни.
Яхши дамни дерлар меҳнатга ҳамдамдир,
Неки юмуш бўлса, шошманг, дамодамдир.
Шошқалоқлик билан қолманг маломатга,
Тадбир билан етар инсон камолатга.

Момоларим қирқта жонинг бор дейишган,
Қирқ жонингга ётиб емоқ ор дейишган.

Мақсуда Каримова

Яқинларга улашинг
@DIYDOR_SHIRIN