Получи случайную криптовалюту за регистрацию!

Ўзбекистон Бош консуллиги ходимлари Истанбулдаги «Тузла» мигр | Istanbul2020

Ўзбекистон Бош консуллиги ходимлари Истанбулдаги «Тузла» миграция хизмати ҳибсхонаси фаолияти билан танишди


Чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказида бўлган Ўзбекистон фуқароларига ўз вақтида ва сифатли консуллик ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларни ушлаб туриш шартлари билан танишиш ва яқин қариндошлари билан алоқани тиклаш мақсадида Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули Амирсаид Агзамходжаев «Тузла» депортация марказига ташриф буюрди.

Депортация маркази раҳбари вазифасини бажарувчи Меҳмет Гезер билан учрашув чоғида мазкур муассаса 3 йил олдин қурилгани ва у Туркияга ноқонуний кириш, виза режимини бузиш, яшаш ҳуқуқи, ноқонуний меҳнат фаолияти ҳамда бошқа ҳуқуқбузарлик учун жазоланган чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш учун мўлжалланганини маълум қилди. Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган чет эл фуқаролари ўз жазосининг тугаши арафасида ёки тергов жараёнида суд қарори билан мазкур депортация марказига кўчирилади.

Музокаралар давомида муассасада сақланаётган ватандошларимиз муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида Бош консуллик ва депортация маркази ўртасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўзаро фикр алмашилди. Консуллар, адвокатлар ёки таржимонлар билан учрашувларни ташкил қилиш учун фавқулодда алоқа усуллари муҳокама қилинди.

Марказда ватандошларни сақлаш, уларнинг тиббий ва бошқа зарур ёрдамларни олиши, шунингдек, яқин қариндошлари билан телефон мулоқотларини ташкил этиш шартларига алоҳида эътибор қаратилди. Саёҳат ҳужжатларига эга бўлмагани боис депортация марказига ўтказилган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш юзасидан келишувга эришилди.

Ҳибсга олинганларнинг сақлаш шароитлари билан танишиш ва ўрганиш шуни кўрсатдики, депортация марказида турар-жой блоклари билан бирга тиббий бўлинма, маданий дам олиш хоналари, кинотеатрлар, ҳибсга олинганларнинг қариндошлари билан алоқада бўлишлари учун телефон марказлари ва бир нечта спорт майдончалари мавжуд.

Ушбу муассасада ҳозирги кунда 9 нафар Ўзбекистон фуқароси сақланмоқда. Улар билан консуллик учрашувлари ўтказилиб, зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Айни пайтда Бош консуллик Истамбул провинциясидаги «Бинклич» ва «Силиври» депортация марказлари фаолияти билан танишиш масаласини ҳам ишлаб чиқмоқда.

https://t.me/istanbul2020Boshkonsulxona