Получи случайную криптовалюту за регистрацию!

​Бу инсон билан боғлиқ ўзига хос хотирам бор. Қайсидур маънода | Insight

Бу инсон билан боғлиқ ўзига хос хотирам бор. Қайсидур маънода, бутун ҳаётимга таъсир қилган воқеа....
Мед колледжда ўқиган вақтимизда, дарс бўлмаган вақтларда, қизлар билан Навоий боғини айлашниш одатимиз бор эди. Шундай кунларнинг бирида, Халқлар Дўстлиги Концерт залининг орқа томонида, Абулқосим мадрасасининг ёнидан ўтиб борардик.

Ёшмиз, шўхмиз, артистларга мухлис бўлиб юрган вақтларимиз. Концерт залига кирадиган ҳамма машҳур артистларнинг қандай машинада келишини билардик.
Йўлимизда турган машиналар орасида, бегона иномарка машини "Мерседес"ни кўриб қолдик.

Дугонам, гаров ўйнаймизми, деб қолди: Ичидаги буюмига қараб, машина кимники эканини топамиз. Топган одамга ҳаммамиз музқаймоқ олиб берамиз...

Ҳаммамиз, машинанинг ташқарисини, ойналаридан ичкарисини кузатдик: кўзойнак, шляпа, тасбеҳ, гавана сигаретаси, ҳар хил китоблар орқада устма уст. Шеърий тўплам ҳам бор ҳадис ҳам бор...
Тавба, кимники экан бу???
- Рашид Халиков
- Уни машинасида шляпа турмаган бўларди. Китоблар ҳам бетартиб ётмасди. У ўта саранжом одам.
- Райҳонани машинасимикан?
- Тасбеҳ, ҳадис китоб, гавана сигаретаси, эсинг жойидами, қанақа Райҳон?
- Режиссёрларданмикан?
- Зулфиқор Мусоқов оддий одам, у бунақа мошина хайдамайди.
Юлдуз Усмонова, Ёдгор Саъдиев, Шерали Жўраев... Йўқ. Ҳеч ким мос келмаяпти...

Бу сафар ўхшамади. Тополмадик. Эгасини билмагач, машинани олдида суратга тушишгаям қизиқиш бўлмади. Ҳафсаламиз пир бўлиб, сал нарироқ юрсак, иккита милиция бизга қараб ўқрайиб турибди. Уларнинг олдида Баҳодир Йўлдошев, кулиб, бизга қараб, қўли билан милиционерларни йўлини тўсиб турибди.

- Тамом бўлдик. Қизллааар, қовун тушдию. Қочамизми?
- Қаёққа қочасан, олдида 2 та мелиса турибди. Салом берларинг. Бўмаса қаматворади.
Ассаломалейкум.
Уятдан қизариб, бошимизни кўтаролмай, зўўрға салом бердик. Ер ёрилса ю, ерга кириб кетсак.

- Мана калит қизлар, айланиб келинглар хоҳласангиз...

- Узр, узр, биз билмагандик... биза фақат, биза фақат.... Ҳеч нарсангизга тегмадик, тўғриси..

- Ҳаммаси жойида, сизларни томоша қилиб, ўзимга керакли нарсаларни тушуниб олдим.

Ичимизда энг шаддоди, Азиза:
- Буюрсин, чиройликан. Сизга ярашади шунақа машиналарда юриш.

- Сизларгаям ярашади. Ҳаммангиз арзийсиз қизларим. Бунданам яхшиларини мининглар, илоҳим.

- Ўзимиз минмасак ҳам, хўжайинларимиз олиб юрса бўлди....

Шу воқеадан кейин кўп кўришдик. Сабаби, Наврўз арафаси, ҳар куни репитиция бўларди. Баҳорда эса, коллежларда дарс камайган. Ҳар гал, тўп бўлиб, кўчадан ўтиб кетаётганимизни кўрсалар, ўзлари биринчи бўлиб салом берардилар.
- Тинч юрибсизларми, деб сўраб қўярдилар))

Бу воқеа машина ёки бир гуруҳ бекорчи қизларнинг олган тажрибаси хақида эмас. Балки, Баҳодир Йўлдошевнинг ички олами, қанчалик самимийлиги, ҳаммага бирдек муомала қилиши. Ўша вақтлардаёқ, кимсан фалончи, деган номи бўлса ҳам, камтарликни қўймаган инсон эканлигида.
Аллоҳ раҳматига олсин...
Оила аъзоларига Аллоҳ Ўзи сабр берсин.

Орадан 16 йил ўтди. Ҳар йили қизлар билан йиғилганда, эслаб турамиз. Агар бошқа машҳурлар билан шундай вазият бўлганида, албатта дакки эшитган бўлардик. Ёки шунчаки, қоровуллар келиб, бизни ҳайдаб юборган бўларди. Кулишамиз. Қанчалик содда бўлганмиз.

Энг қизиғи, ўша йили мен турмушга чиқдим. Орадан 3 йил ўтиб, турмуш ўртоғим худди шундай машина сотиб олганлар.
Қизларга айтиб берганимда, росса кулишганди ва ҳавас қилишганди. Мен эса, ният холис бўлса, албатта амалга ошишини тушундим.


Сайёра Азларова


https://t.me/insightps