2022-04-20 09:48:10
"Рубль передозировкаси"
Қирғиз банклари нақд доллар ва сом етишмовчилиги, айни вақтда йиғилиб бораётган рублнинг ортиқча массасидан шикоят қилишмоқда. Шунинг учун Россиядан юборилаётган пул ўтказмаларини рублда бериш тажрибаси энди кечадан расмий регуляторнинг талабига айланди.
Пул ва молия бозори ҳақида ёзадиган Акчабар порталининг ёзишича, Россия билан ишламайдиган, доллар, юань, лира ва бошқа валюталарда битимлар ва ўтказмаларни амалга оширадиган банклар муаммоларга дуч келишмоқда. Февраль ойида Қирғизистонга юборилган пул ўтказмаларининг 97,1%и (182,1 млн.доллар эквиваленти) Россия ҳисобига тўғри келган. Лекин жами импортнинг фақат 33,6%и Россиядан. Бошқача айтганда, 66,4% импортни қоплаш учун Қирғизистонга доллар ёки бошқа эркин айирбошланадиган валюта керак (бошқа асосий ҳамкорлар - Хитой, Туркия, Қозоғистон товар ва хизматларин рублга сотмайди).
Пул ўтказмалари рублда берила бошлагач банклар рубль билан тўйиниб бўлди, лекин ташқи савдо учун тўпланиб кетган рубль энди ҳаддан зиёдни ташкил этади.
Рубль билан тўйиниш ўзбек банкларида ҳам кузатилмоқда. Бугунги кун ҳолатига 25та ўзбек банкида рублнинг сотиб олиш курси Марказий банк расмий курсидан паст. Расмий курс 1 рубль учун 141,97 сўм бўлгани ҳолда, тижорат банкларидан рублни 10-15 сўмгача арзонроқ сотиб олиш мумкин.
Рубль ортиқчалиги фонида бизда ҳам худди қўшнилардан бўлгани сингари миллий валюта - сўм етишмовчилиги кузатилмоқда. Бунинг биринчи сабаби мавсумий иқтисодий фаоллик ошаётгани бўлса (унга қўшилиб норасмий иқтисодиёт фаоллиги ҳам ошади), иккинчи сабаби рублда юборилаётган пул ўтказмаларининг сўмда олиниши билан боғлиқ. Чунки жамғариш ва барқарорлик нуқтаи назаридан сўмнинг афзаллиги юқори бўлиб қолмоқда. Қирғизистондан фарқли ўлароқ мамлакатимизда нақд доллар ё евро етишмовчилиги муаммоси кўзга ташланаётгани йўқ (валюта кириш манбалари кўпроқ диверсификацияланган).
***
Отправляйте друзьям - https://t.me/joinchat/LQvp64sPGcg1MjUy
Поддержите сайт кликая по рекламе на - https://dollaruz.net
Все банковские курсы на сайте https://dollaruz.net
4.1K views06:48