Получи случайную криптовалюту за регистрацию!

ЁМҒИР ОСТИДА... Бу кеча осмоннинг бардоши синди, Ёмғирдан эзи | КЕЧИККАН ЙЎЛОВЧИ

ЁМҒИР ОСТИДА...

Бу кеча осмоннинг бардоши синди,
Ёмғирдан эзилиб уйғонди шаҳар.
Тун бўйи дардимни янгилаб, энди –
Ўзимга ўзимни эслатди саҳар.

Ёмғирпўш тагида мунғайиб, ҳориб,
Ва яна севгини кўкларда тутдим.
Ошкор тан олмоқни бўйнимга олиб,
Ўзимни ва кейин... уни унутдим.

Унутдим – жонланиб бораверди у,
Ўпкам тўлаверди, кўнгил тўлмади.
Эсламаслик оғир, унутиш – қайғу,
Ёмғирни баҳона қилиб бўлмади.

Оёғим остида хазон чамандек,
Ҳавони симирдим ҳазин, оғир, нам,
Мен билан кетишни истамагандек –
Ғурурни пеш қилиб қолмадим мен ҳам.

Кейин юракларим ёнди барқ уриб,
Кейин осмонимни елларга бердим.
Кейин ғуруримни бир четга суриб,
Боримни ўзим ҳам боримча кўрдим.

Тентираб, довдираб, томчилар бўлдим,
Ўйин тушиб бердим жилға-сойига.
Боримни бахшида этиб... йиқилдим,
Ёмғир сиймо бўлиб келган пойига.

Йўқ-йўқ, йиқилмадим, ерларга чўкдим –
Қўлларим лойларга беланди бир пас.
Гўё унинг қўлин энтикиб ўпдим,
Гўё муз устида учган каби маст.

Маст эдим, рўёлар бағрига сингдим,
Сўнгги илинж билан ёлғиз қолгани.
Хаёллардан олдин сен томон елдим,
Тонгги тушларингга кириб боргани.

Кечикдим... Кечикдим чорасиз дарддай,
Чорасиз изҳорлар қошингга етди.
Бемаврид келган бир севинчли хатдай
«Севаман» деган сўз хорланиб кетди…

Осмон кўз ёшларин сидириб олди,
Ёмғир ҳам тўхтади ариган ғамдай.
Қисматнинг лаҳзалик қадрини билдим,
Қайтадан дунёга келган одамдай.

Кўлмакда шалвираб ётган барг бўлиб,
Осмонни унутдим, ерни унутдим.
Ёмғирга, ҳижронга таъналар қилиб,
Миллион йиллик бахтнинг... баҳридан ўтдим!..

Дадахон Муҳаммадиев

@dadaxonmuhammadiy