Получи случайную криптовалюту за регистрацию!

Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юза | Central Bank of Uzbekistan

Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда

“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуннинг 62-моддасига асосан Марказий банк томонидан жорий йилнинг октябрь-декабрь ойларида республиканинг барча ҳудудларидаги тижорат банклари муассасаларида мижозлар билан ўзаро муносабатларни ташкил этиш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этилаётганлиги юзасидан назорат тадбирлари ўтказилди.

Ўрганишларга кўра, бир қатор банкларнинг жойлардаги муассасалари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни олиб боришда қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этилмаганлик ҳолатлари кузатилди.

Хусусан, ўтказилган назорат тадбирлари давомида жами аниқланган қоидабузарлик ҳолатларидан 48 фоизи кредит, 29 фоизи омонат ҳамда 23 фоизи банк карталари билан боғлиқ амалиётларга тегишлидир.

Бунда қоидабузарликларнинг асосий қисми кредитлар ва омонатлар тўғрисида қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган ахборотларнинг тўлиқ тақдим этилмаслик (кредит ва омонат шартномалари нусхалари ҳамда ушбу маҳсулотларнинг асосий шартларини ўзида акс эттирувчи ахборот варақалари тақдим этилмаган, омонат ва кредитнинг айрим шартлари тушунтирилмаган) ҳамда карта орқали тўловлар қабул қилинмаслик ва банк кассасидаги терминаллар орқали нақд пул берилмаслик кабиларни ташкил этади.

Ушбу ҳолатлар мавжуд бўлган банкнинг бошқарув органлари томонидан банкнинг репутацион хатарларини самарали бошқаришга эътибор қаратилмаётганлигини, шу жумладан, банкдаги истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни ташкил қилиш бўйича жараёнларда “мижозбай” тамойилига асосланган хизмат кўрсатиш тўлиқ йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда.

Марказий банк юқорида келтирилган амалиётларни истеъмолчиларнинг манфаатларига мувофиқ эмас деб ҳисоблайди ҳамда хизмат кўрсатиш шартларининг шаффофлигини таъминлаш, уларнинг сифатини ошириш, шунингдек, банк хизматлари бозорининг ахборот очиқлигини янада яхшилаш мақсадида тижорат банкларидан истеъмолчиларга кредит ажратишда ҳамда улардан омонатлар жалб этишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этишни талаб қилади.

Марказий банк томонидан келгусида ҳам ҳудудлардаги барча тижорат банклари муассасаларида ва банкларнинг масофавий хизмат кўрсатиш тизимларида мижозлар билан ўзаро муносабатларни ташкил этишда қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этилаётганлиги юзасидан мунтазам равишда назорат тадбирлари амалга ошириб борилиши ҳамда назорат тадбирлари натижаларига асосан қоидабузарликка йўл қўйган банкларга нисбатан жарима жазо чораларини қўллаб, бу ҳақда ушбу банкларнинг номларини кўрсатган ҳолда оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиб борилиши билдирилади.

Ҳурматли банк хизматлари истеъмолчилари

Агар Сиз тижорат банклари хизматларидан фойдаланганингизда қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳуқуқларингиз бузилса, у ҳолда Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига ёзма равишда ёки (71) 200-00-44 рақамли кўп каналли ягона “Ишонч телефони” орқали мурожаат этишингиз мумкинлигини маълум қиламиз.

Web Telegram Twitter Facebook Instagram Youtube Linkedin